Асрларга тенгдош мерос.

18 09 2009

ЮНЕСКО ташкилотининг маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда 600 мингдан зиёд тарихий, археологик ёдгорликлар, музейлар, маданият ва истироҳат боғлари мавжуд. Уларнинг 750 таси жаҳон халқлари маданий мероси рўйхатига киритилган. Бундай ёдгорликлар қаторидан юртимиздаги кўплаб қадимий обидалар ҳам жой олгани эътиборга молик.Дарҳақиқат, ўтмишда юртимизга ташриф буюрган хорижлик элчи-меҳмонларни Самарқанд, Бухоро, Хива, Марғилондаги дилкушо боғлар, заргарлик буюмлари, нақшинкор курол-аслаҳалар, миниатюра асарлари битилган қўлёзма китоблар ҳайратга солган. Натижада бундай нодир буюм ва ашёлар улар томонидан турли йўллар билан четга олиб чиқиб кетилган. Дунёга донғи кетган Лувр (Франция), Эрмитаж (Россия), Буюк Британия давлат музейи, Дрезден картиналар галереяси, АҚШ миллий конгресс музейларидаги осориатиқалар, ноёб қўлёзмаларнинг бир қисми ҳам шарқий ўлкалардан олиб келинган бебаҳо бойликлардир. Чунончи, 1877 йилда юртимиздан Ҳиндистонга, сўнгра Буюк Британияга олиб кетилган “Амударё хазинаси” деб аталувчи гавҳар, тилла, кумушдан зийнатланган аёллар тақинчоқлари, бежирим курол-аслаҳалар, уй анжомлари, турли жонзотлар шаклидаги ҳайкалчалардан иборат 182-та топилма Лондон музейининг энг ноёб экспонатлари сифатида қайд этилади.

Дарвоқе, Ғарб солномачилари ўрта асрларда Шарқнинг Самарқанд, Урганч каби йирик шаҳарлари, бу ердаги кўркам боғ-роғлар ўзларида йўқлигини таасуф билан ёзиб қолдирганлар. Жумладан, XV аср бошларида Самарқандга келган испан элчиси Клавихо “Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари бино эттирган жаннатмонанд боғ-сарой дунёнинг ҳеч бир мамлакатида йўқ”, деб эътироф этади.

1937-67 йилларда Хоразм воҳасида тарихий ва археологик изланишлар олиб борган С.П.Толстов “Хоразмбоғ” харобаларидан эрамиздан олдинги VII-V асрлада гуллаб-яшнаган катта боғ-сарой изларини топишга муваффақ бўлган. Олим “Хоразмбоғ ён-атрофидаги канал, ариқлар, девор ва ҳовузлар, дарахт ва гулзорларнинг юксак дид билан режалаштирилганлигини Самарқанд ва Римдаги дала-ҳовли ҳамда сарой-боғларни эслатади”, деб таъкидлайди. Аслида ҳам Ғраб мамлакатларидаги “Елисей”, “Лувр” боғ-музейлари (Франнция), “Флоренция” (Италия), “Петергоф”, “Ясная поляна” (Россия) каби дунёга донғи кетган боғ ва уй-музейлар шарқона андоза асосида барпо этилганлиги ўз исботини топган.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда миллий-маданий меросимизни асраб-авайлашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бу даврда мамлакатимиз пойтахтида Юртбошимиз ташаббуси билан Темурийлар тарихи давлат музейи ташкил этилиши муҳим воқелик бўлди. Шунингдек, Самарқандда Соҳибқирон Амир Темур ва мирзо Улуғбек даврида барпо этилган боғларнинг қайта тикланиши, Нукусдаги Савицкий номли санъат музейи, Термиздаги Археология музейи. Урганчдаги “Авесто” боғ-мажмуасини асраб-авайлаш, экспонатлар фондини янада бойитиш йўлида олиб борилган ишлар ҳам эътирофга арзийди. Айни пайтда ушбу масканлардан жой олган қадимий буюм ва ашёлар нафақат  юртдошларимиз, балки хорижий сайёҳ ва меҳмонларнинг ҳам ҳайратига сазовор бўлмоқда. Хусусан, “Авесто” боғ-мажмуасида 18 метрли маҳобатли ёдгорлик қад ростлаган. Бу ерда жойлашган музей меҳмонлар, сайёҳлар, ёшлар учун ўзига хос зиёратгоҳга айланган. Мажмуадан инсоният ибтидосидан дарак берувчи тўрт унсур – тупроқ, сув, ҳаво, оловни ифодаловчи ноёб ашёвий далиллар, археологик топилмалар, тош, сополга ўйиб ёзилган Хоразм хати намуналари. “Авесто”, “Қуръони карим”нинг кийик терисига битилган парча-оятлари, Алишер Навоийнинг “Хамса” қўлёзмаси, III-IV асрларга доир остадонлар, сопол идишлар жой олган.

Сир эмас, ана шундай  эътирофга лойиқ муваффақиятларимиз қатори ҳали бу борада қилинмаган ишлар йўқ эмас. Жумладан, Хоразм вилоятининг Питнак шаҳридаги Солмирзо Олтинбоев номли, Хива туманидаги Шерозий номли, Урганч шаҳридаги “Ипак йўли”, Гагарин номли мактаб музейлари фаолиятини жонлантириб юбориш айни муддаодир.

Зеро, музейлар эл-юрт фахри, мозий даракчиси экан, уларга  ташриф буюрган киши бу эътирофнинг нақадар тўғрилигига дилдан иқрор бўлиши лозим.

К.Нуржонов
“Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси
Хоразм вилояти бўлими раиси, ўлкашунос тадқиқотчи.
“Халқ сўзи” №175
05.09.2009



“Олтин мерос” халқаро жамғармаси

25 08 2009

“Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси 1996 йилда, Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ташкил топган. Шу йили жамғарманинг шаҳар ва вилоятлардаги бўлимлари ҳам иш бошлади. Жамғарманинг Хоразм вилоят бўлими нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида яратилиб, унинг асосий вазифаси Ўзбекистон миллий маданиятини, халқ ижодиётини, яқин ва эски тарихини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшлар онгида Ватан ҳақида холис тушунчаларни шакллантиришга қаратилган.

Маскур сайт саҳифаларида “Олтин мерос” халқаро-ҳайрия жамғармасининг Хоразм вилоят бўлимининг сайи-ҳаракатлари тўғрисида, жамғарма раиси ўлкашунос тадқиқотчи Комил Нуржонов ижоди ҳақида батафсил маълумотлар беришга ҳаракат қиламиз.

Жамғарма ҳодимлари ўтган давр мобайнида талайгина ишларни амалга оширдилар. Шулардан бири жамғарма қошида ташкил қилинган тарих ва ўлкашунослик музейидир. Музей, жамғарма учун вилоят ҳокимияти тарафидан ажратилган 10 хонали бинода жойлашган бўлиб, манзили Урганч шаҳридаги “Авесто” мажмуъаси амфитеатори. Музейнинг ҳар бир хонаси алоҳида мавзуга бағишланган бўлиб уларнинг номлари: “Археология”, “Этнография”, “Авесто ва Хоразм”, “Санъат арбоблари”, “Суръатлар галлереяси”, ва ҳ.к.з.

Жамғарманинг бевосита иштироки ва ёрдами билан вилоят туманларида ўндан зиёд тарихий, ўлкашунослик, буюк алломалар ижодига бағишланган музейлар ташкил этилган.

1991-2009 йилларда жамғарма фаоллари ўлкашунослик ва тарихимизга бағишланган ўнлаб мақола ва рисолалар, мавсумий нашрларда ва китоб шаклида чиқарилган.

Хоразм воҳасининг қадимий қалъалари сир-синоатларини ўрганиб чиқиш учун илмий-амалий экспедициялар ташкил қилинган. Жумладан “Хазорасп-2700”, “Авесто изидан”, “Буюк ипак йўли”, “Вулқонлар қолдиғи” каби экспедиция топилмалари музейимизда намоийш этилади. Ушбу экспедициялар тавсилотларини ва фото-хужжатларини сайт саҳифаларида жойлаштиришга ҳаракат қиламиз.

Жамғармамиз ташаббуси билан қадимий аждодларимизнинг зардуштийлик –  оташпарастликнинг пайдо бўлиш давридаги турмуш тарзи ва ҳаёти тўғрисида 2-қисмли илмий-оммабоп фильм яратилган.

Бу фаолият ва сайи-ҳарактлар тўғрисида сайтимиз саҳифаларида батавсил маълумотлар бериб боришга ҳаракат қиламиз.

«Бизнинг Ўлкамиз» номли бўлимда Хоразм воҳаси тўғрисида маълумотлар, унинг географияси, қадимий ва янги тарихи, халқ ижодиёти тўғрисида ҳикоя қиламиз.

«Музей» бўлимида – воҳадан топилган 4-5 минг, ҳатто миллион йиллик, экспонатлар тўғрисида, уларнинг қай тарзда топилганлиги ва музейдан жой олганлиги тўғрисида ҳикоя қиламиз ва фото-суръатлар жойлаштирамиз.

«Нашриётлар» бўлимида – жамғарман томонидан нашр этилган маъқола, рисола ва китоблар тўғрисида сўз юритилади ва улардан айримларининг электрон версиялари жойлаштирилади. Хоразмнинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни ашёвий далиллар билан изоҳланади.