Амударё хазинаси

7 10 2009

Ушбу иборани баъзи бир илмий-оммабоп рисолаларда, санъат асарлари ёки заргарлик санъати намуналари фото-алманахларида учратган бўлишингиз мумкин. Агарда сиз қадимий маданиятлар тарихига, археология ва нумизматикага қизиқадиган бўлсангиз, бу ибора сизга яхши таниш бўлиши керак. Европада бу ибора – «Окс хазинаси» деб юритилган, негаки Амударё юнон манбааларида “Окс” деб юритилган.Амударё соҳилларидан топилган, тилла ва кумушдан ишланган заргарлик буюмлари, идиш-товоқ, қурол безаклари, одам ва турли ҳайвонлар шаклидаги ҳайкалчалар мажмуаси ва тилла тангалардан иборат хазина тўғрисида сўз юритмоқчимиз. Хоразмнинг қадимий тарихи ва ҳозирги куни бевосита Амударё билан боғлиқ. Ушбу хазина Амударёнинг юқори оқими соҳилларида топилган бўлса-да, бу мавзу бизларни қизиқтирмай қолмайди. Амударё хазинаси тўғрисидаги илмий-оммабоп адабиётларда ва интернет тармоғида жойлаштирилган маълумотларни ўрганиб чиқдик ва қуйидагиларни эътибрингизга ҳавола қиламиз.

Турли манбааларнинг маълумот беришича ушбу хазина 177, 182 ва 185 дона олтин ва кумиш буюмлардан иборат, баъзан уларнинг сони 200 донага етади деган манбаалар ҳам бор. Тилла тангаларга келсак, уларнинг сони барча манбааларда 1 минг 300 дона деб қайд этилган.

Аксарият энциклопедик луғатларда ва уларнинг электрон нусхаларида қуйидагича қисқагина маълумот берилган:

«Амударё хазинаси – 177 олтин ва кумуш буюмлари ва 1300 дона тилла тангадан иборат, э.о. 4 – 2 асрларга доир. 1877 йили Амударё сохилида (Тожикистонда) топилган ».

БСЭ луғатида бу мавзу бироз кенг ёрутилган, масалан  slovari.yandex.ru сайтида қуйидаги маълумот берилган:

Амударё хазинаси – э.о. 4-2 асрларга доир олтин ва кумушдан ясалган буюмлар коллекцияси. 1877 йили, ҳозирги Тожикистон (қадимий Бактрия) ҳудудида топилган. Британия музейида сақланмоқда. Хазина 1300 тилла танга (э.о. 200 й. ва ундан олдинги асрларга доир), идишлар, ҳайкалчалар, билак узуклари, тақинчоқлар, олтин пластиналар ва бошқа буюмлардан иборат. Амударё хазинасига тегишли буюмларда Ахомонийлар даврига доир санъат анъаналари ва услублари ўз ифодасини топган, ва шу қаторда юнон-бактрия маданияти, скифларнинг «ҳайвон шаклларини бериш услуби», шимолий ҳудудларнинг қўчманчи халқлари ва шу жумладан Ўрта Осиё халқларининг услублари намоён этилган.Лит.: Dalton O. M., The treasure of the Oxus, 3 ed., L., 1964.В. Н. Сарианиди.

Айрим сайтларда бу хазинанинг қандай топилгани ва қаердан келиб чиқиши тўғрисида батафсил маълумотлар берилган. Бундан 130 йил олдин Ҳиндистон бозорлари ва антиквар буюмлар сотиладиган дўконларда ғайриоддий, бу ерларда учрамайдиган тилла буюмлар пайдо бўлган. Айтишларича, бу буюмларни учта бухоролик савдогар (Вази ад-Дин, Ғулом Муҳаммад ва Шукур Али), олиб келиб Равалпинди ва Пешовар (ҳозирги Покистон) бозорларида сотиб кетишган экан.

Ундан олдин, жуда ажабтовур, «1001 кеча» эртакларига хос воқеалар содир бўлган. Савдогарларнинг айтишича, бу хазинани улар оддий деҳқонлардан сотиб олишган экан. Амударёнинг юқори оқимида, Кафирнигон ва Вахш дарёлари Амударёга қўшилган жойларда, шимолий соҳилда бир эски қалъа ҳаробалари бор экан. Шу харобаларни гоҳ дарё сувлари босиб гоҳида яна қайтиб кетар эқан. Деҳқонлар бу хазинани ўша ердан, сув қайтган мавсумда топишган экан. Савдогарлар олтинларни сотиб олиб Пешовар томон йўл олишган.

Кабул шаҳридан Пешоварга борадиган йўлда қароқчилар қўлига тушиб барча мол-давлатларидан айрилганлар. Нима қилишларини билмай шу жойларда жойлашган Британия ҳарбийларига мурожаат қиладилар. Уларнинг арзларини капитан Ф.Бартон қабул қилади ва дарҳол қароқчиларнинг изига тушишни буюради. Қароқчилар ярим тунда, қатта ғор ичида тиллаларни талашиб турган пайтларида қўлга туширилади. Улар хазина олтинларини қайтариб беришади. Хазина ўз эгаларининг қўлига қайтади, фақат битта билак узукни капитан Бартонга миннатдорчилик тарзида ҳадя қилинади. Қолган тиллалар Пешовар ва Равалпинди бозорларида сотилади.

Хазина тўғрисида капитан Бартоннинг рапортидан ҳабар топган генерал-майор А. Кеннингем ва ноёб топилмаларга қизиқадиган дўсти Э.У.Френк бу хазина буюмларини излай бошлайдилар ва деярли барчасини йиғиб олишга эришадилар. Шу тариқа Амударё хазинаси Британия музейига жунатилади.

Хазина буюмлари археолог-олимлар томонидан бир неча бор ўрганиб чиқилган, уларнинг келиб чиқишлари, қайси даврга ва қайси маданиятга доир эканлиги аниқланган. О.Далтон томонидан “Амударё хазинаси” деб номланган каталог рўйхати тузилган. Е.В. Зеймаль, Е.Е. Кузьмина, P.M. Гиршман ва М И. Артамонов каби олимлар илмий ишларида ўз фикрларини билдирганлар. Уларнинг тахмин қилишича, бу буюмлар узоқ муддат давомида йиғилган бўлиб қайсидир диний эҳром – зиёратгоҳда, бой-бадавлат одамларнинг хайрия-эҳсонлари эвазига пайдо бўлган. Бу буюмларнинг айримлари Ахомонийлар даври ва маданиятига тегишли бўлса, бошқалари Юнон-Бактрия маданияти, Скифлар маданияти, Марказий Осиё ва Сибир халқлари маданиятига тегишли деб топилган.

Аммо илмий томондан пухта ўрганилганлигига қарамай бу хазинанинг манбаси, яъни топилган жойи расмий равишда тан олинган эмас, негаки ҳеч қандай исботловчи расмий ҳужжатлар йўқ. Шунинг учун хазинанинг асл манбаси ноаниқ ҳисобланиб, унинг ўз маданий мероси деб даъво қилувчи Афғонистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатларининг қай бирига тегишли эқанлиги аниқланмаган. Қандай бўлганда ҳам Амударё хазинаси умуминсоний қдриятга эга дунё халқлари ва шу жумладан Марказий Осиё халқларининг бебаҳо мероси хисобланади.

Айни кунларда ушбу хазина Лондондаги Британия музейида сақланмоқда. Уни томоша қилиш учун йилига 5 млн. одам, дунёнинг турли бурчакларидан келиб кетадилар.

Албатта интернет тармоғида жойлаштирилган бу маълумотлар жуда қизиқарли, аммо зебу-зийнатларнинг суратлари жуда кам берилган экан, деярли йўқ деса ҳам бўлади. Биз бундай суратларни фақат википедиянинг инглиз тилидаги саҳифаларидан ва Британия музейининг сайтидан топдик. Улардан бир нечасини намойиш этамиз ва уларга илова қилинган матнларнинг таржимасини келтириб ўтамиз.

Грифон бошли тилла ҳалқа.

Грифон бошли халқаТилла халқа грифон бошлари билан безатилган, унинг ишланиш услуби э.о. 5-4 асрларининг Ахомонийлар давридаги Эрон маданиятига мансуб.
Грифон – юнон номланиши бўлиб, афсонавий мавжудод, бургут тумшуқли ва қанотли, шохдор арслон шаклида. Шундай безак берилган халқа ва билак узуклар қадимий Эрон пойтахти Персеполис шаҳрининг қазилмаларидан ҳам топилган. Юнон тарихчиси Ксенофон (э.о. 430 й.) ёзишича, бундай халқалар билан эрон шоҳлари ажирим ишлари билан шуғулланидаган амалдорларни мукофотлар эканлар ва бу мукофотга сазовор бўлганларнинг мартабаси янада улуғ бўлар экан. Халқанинг нақшинкор юзасида чуқурчалар бор, бу чуқурчалар шиша ва қимматбахо тошлар билан безатилган бўлиши мумкин.

Ўлкашунос-тадқиқотчи К.Нуржоновнинг фикрига кўра “Амударё хазинаси”
буюмларида қадимий “Авесто” персонажлари, илоҳийлаштирилган ҳайвонлар,
от, қўй, балиқ, ит ва бошқа жониворлар шакли акс эттирилган. Ушбу халқа
суратини ўзбек миллий сўмида ҳам қўришингиз мумкин.

Грифон шаклидаги нақшинкор рельеф.

Нақшинкор рельефБу нақшинкор рельефда ҳам грифон сиймоси намоён этилган. Унинг юзасида ҳам бўшлик чуқурчалар бор, тахмин қилинишича улар шиша ва қимматбахо тошлар билан безатилган. Нақшнинг орқа тарафида уни маҳкамлаш учун мўлжалланган иккита игнаси бор. Аммо, бу ажабтовур безакни айнан нимани безатиб туриши ва қай мақсадда ишлатилиши аниқланган эмас.

Бу безакнинг шаклида скифларга хос бўлган «ҳайвонлар шакли бериш услуби» ҳам намоён бўлиб турибди. Бу эса қадимий Эрон маданиятига Шимолий ҳудудларда истиқомат қилувчи кўчманчи халқлар, Марказий Осиё ва Сибирь халқлари маданиятининг таъсири ўтганлигини исботлайди.

От-аравасининг модели.

От-аравасининг моделиОт-аравасининг модели ҳам жуда ажойиб, усталик билан ишланган. Аравага тўртта от қўшилган, устида икита одам ҳайкалчаси, тикка турган аравакаш ва унинг хўжайини ўтирган ҳолатда. Аравачага моҳирлик билан безак берилган, одамларнинг уст-бош кийимларигача аниқ ишланган.
Кийимлар қадимий Эроннинг Медиана вилояти кийимларига ўхшаш деб топилган. “Авесто” китобида маъбуда Анахита тўртта от қўшилган аравани хайдаб келаётгани мадх этилган.

Шунга ўхшаш арава модели, Амударё хазинаси топилган йили, граф Литтон томонидан Ҳиндистонда сотиб олинган. У ҳам Амударё хазинасига тегишли деб тахмин қилинмоқда. Ҳозирги кунда Британия музейида сақланмоқда.

Тилла пластина.

Тилла пластинаЭркак киши сурати чизилган тилла пластина, Амударё хазинаси таркибидаги тилла пластиналардан энг каттаси. Бу пластина узунлиги 3 см.-дан 20 см.-гача келадиган 50 тилла пластиналардан бири. Унинг юзасида, ўнг қўлида бир даста таёқчалар тутиб турган одам сурати чизилган. Бу таёқчаларни бирон-бир доривор ўт, ёки диний маросимларда тутатадиган ўт деб ва суратдаги одамни қайсидир диний эҳром қоҳини деб тахмин қилинмоқда. Аммо суратдаги кишининг белида қилич осиғлик турибди, бундай калтароқ шаклдаги қиличлар скифларнинг қиличи – «акинак»га ўхшайди. Кишининг бошидаги қалпоқ ҳам скифларнинг бош кийимларига ўхшаш деб топилган. Шуларни ҳисобга олиб суратдаги одам – скиф аскари деб таҳмин қилиш мумкин экан.

Суратнинг чизиқлари унчалик аниқ эмас, айрим жойларида оддий ва қўпол ишланган. Бу суратни маҳаллий усталар, ёки уста шогирди ишлаган деб ҳулоса чиқариш мумкин. Шундай бўлса да бу сурат қадимий санъат анъаналаридан дарак берувчи бир ноёб асар ҳисобланади.

И. Нуржонов

К.Н. Нуржонов

Британия музейи сайтига ўтишлар:



Хива хонлигида ер-сув солиғи

29 08 2009

Маълумки, Хива хонлиги типик феодал давлат бўлиб аҳолининг 95 фоизи қишлоқ хўжалиги билан машғул бўлган. Экиладиган ер майдонларининг аксарияти хон ва беклар мачит ва мадрасалар, катта ер егаларининг мулки ҳисобланади. Экин майдонлари асосан 3 турга бўлинган.

Тўланадиган солиқнинг миқдори ернинг сифатига ва ер эгасининг ижтимоий-сиёсий мавқеига қараб белгиланган.

XIX асрнинг биринчи ва иккинчи чорагига алоқадор ҳужжатлар нафақат Журён ёки Гўжа қишлоғи, балки бутун хонликнинг архиви Санкт-Петербург шаҳридаги Салтиков-Шедрин номли халқ кутубхонаси фондларида сақланмоқда. Улар 1873 йил ёз ойларида рус аскарлари Хиванинг забт этган чоғда атайлаб олиб кетилган ва 1940 йилгача ҳеч кимга кўрсатилмай сақланган. Шарқшунос олимлар В.В.Бартольд, П.П.Иванов, М.Йўлдошев, Я.Ғуломов,А.Болтаев, А.Абдурасулов ва бошқалар ушбу архив ҳужжатларининг бир қисмини ўрганиб чиқдилар. Лекин бу ерда сақланаётган қўлёзма китоблар, тошбосма асарлар ва XIX аср ўрталарига доир ҳужжатларнинг 3 минг жилдлигини ҳисобга олсак, ҳозиргача эълон қилинган китоблар 10 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Ушбу қўлёзма ҳужжатларни китоб ва вақтли матбуот асарларини варақлаб Журён, Гўжа, Индавак, Хистиён, Арвук, Жиндиён каби қишлоқларда яшаган ота-боболаримизнинг XIX аср ўрталарида ва XX аср бошларида ер, сув мулки, солиқ ёки навкар бериш каби ижтимоий муносабатларни бироз бўлсада аниқлашга ёрдам беради.

Масалан: 1843-1867 йилларга доир тарихий ҳужжатларда Журён қишлоғи ўз атрофидаги барча мачитқўмлар орасида энг салмоқлиси ҳисобланган ва йилига 109 тилло солиқ тўлаган, 36 навкар, 133 қазувчи берган, хўжалик-хонадонлар сони 70 дан ортиқ бўлган.

Маълум бўладики, қишлоқдаги Ашир, Шўрқалъа, Жўжиқлар ва Оёқ  Журён элатлари ҳам ягона Журён номи билан аталган. Тўланадиган солиқлар миқдори бўйича Гўжа иккинчи, Арвук учинчи ва Хистиён қишлоқлари тўртинчи ўринларни эгаллаган. Келиб чиқиши араб ёки форслардан бўлган хўжалар, хон амалдорлари, эшонлар ҳамда етим-есирлар ер солиғидан озод этилганлар. 1843-1867 йилларда Журён аҳолиси 234 хонадонда истиқомат қилганлар. Ҳар бир оилада ўртача 10 жондан яшаган деб ҳисобласак қишлоқда тахминан 2300-2400 киши яшаган. 25 оила хон томонидан турли солиқ ва тўловлардан озод этилган.

“Солиқ тўлаш тартиби” – деб ёзади XX аср бошларида воҳага келган агроном О.Шкапский “Амударё очерклари” китобининг 105-бетида, “фойдаланаётган ернинг миқдоридан қатъий назар уч тоифага бўлинади. Масалан: 10 таноб ва ундан зиёд аъло ерли хўжаликлар, 5-10 таноб авсот (ўрта) ерли ва 1-5 таноб адно – шўрхок ёмон ерли деҳқонларга ажратилган.

50-100 танобдан зиёд ерлилар солиқлардан бутунлай озод этилганлар. Улар учун солиқ ижрочидан ундириб олинаверган. Академик М. Йўлдошевнинг “Хива хонлигида феодал ер эгалиги ва давлат тузилиши” номли монографиясида кўрсатилишича (Т. “Фан”,1959 йил, 64-бет), 1870 йилда Хоразм қишлоқларида 23 011 хонадон бўлган ва улар ҳар йили 40 993 тилло пул ер солиғи тўлаб келганлар. Деҳқончиликда қуллар меҳнатидан кенг фойдаланилган. Масалан: Ҳижрий 1266 йилда (1849-1850) Қизил Тақир қишлоғида ишлатилган қуллар деҳқончилигидан 6 минг ботмон (ҳар ботмон – 20кг. тенг) дон олинган. Ҳаммаси бўлиб ўша жойда  18 310 ботмон ғалла йиғиб олинган. Демак, етиштирилган ҳосилнинг учдан бир қисми қул меҳнатини эксплуатация қилиш эвазига олингандир.

Тошкент Шарқ қўлёзмалари институтининг 33-фондида сақланаётган бир вақфномада Хива яқинидаги Индавак қишлоғида мачитларга қарашли 15, Садирхос қишлоғида 17 таноб аъло ер бўлганлиги ва улар қуллар ҳамда художуйлар томонидан кўмак (ҳашар) йўли билан ишлаб ҳосил олинаётганлиги қайд этилади. Ўша жойдаги икки элатнинг солиқ дафтарларини чоғиштириб кўрилганда қуйидаги манзара намоён бўлади.

Жиндиён қишлоғида 1843 йилда яхши ерли 22 хонадон бўлиб 37 тилло солиқ тўлаганлар. 1867 йилга келиб Жиндиёнда яхши ерлилар 3 оила бўлиб 23 тилло, Индавакда эса яхши ерлилар 14-га тушиб қолганлар ва 38 тилло солиқ тўлаганлар.

Кўриниб турибдики, солиқ ундирувчилар ерларнинг ёмонлашувини инобатга олмаганлар, натижада йиғилган солиқ миқдори 23 йил давомида камайтирилмаган. XIX аср ўрталарида Хива хонлигида қуйидаги солиқлар расм бўлган:

  1. Бегор – ишлаб бериш солиғи. “ҳашар”
  2. Қазув – 12 кунлик мажбурий хизмат.
  3. Олгут – бир йўла олинадиган солиқ.
  4. Солғут солиғи
  5. Милтиқ солиғи – қурол солиғи
  6. Улоқ тутув – от-улоқ сайил пули.
  7. Қўнолға-қўноқ солғути (меҳмон)
  8. Сўйсун солиғи – жонлиғ сўйиб ош бериш
  9. Чопар пули – хабар солиғи (почта)
  10. Тарози пули – таг-жой солиғи
  11. Миробона – мироб солиғи
  12. Дарбозабон пули – бозорга кириш пули
  13. Отланув пули – Шикор ёки сафар пули
  14. Ипак пули – 40/1 қисм закот
  15. Мир туман – ҳоқим тўра солиғи
  16. Шиговул пули – йўл пули
  17. Қоровул пули – соқчилик ҳақи
  18. Пул солиғи – ҳазиначи пули
  19. Қурубон пули – тўқай пули
  20. Мушрибона – ҳосил назоратчиси ҳақи
  21. Афанак пули – ерни бўш қолдиргани жаримаси
  22. Чувик пули – (аниқлаб бўмади)
  23. Оломон пули – жарима
  24. Тутун пули – ёнғин ҳавфсизлиги

Хонликнинг барча аҳолиси каби журёнликлар ҳам юқорида кўрсатилган солиқларни тўлашга мажбур эдилар.