Ўлкамиз

Хоразм вилояти Республиканинг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган. Майдони – 6,1 минг км2 . Аҳолиси 1432,8 минг киши, асосан ўзбеклар, шунингдек туркман, рус, қозоқ  татар, корейс, қорақалпоқ ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км-га 234,9 киши (2005). Таркибида 10 қишлоқ тумани, 3 шаҳар, 7 шаҳарча, 100 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази – Урганч шаҳри.

Вилоят ҳудуди Амударё қуйи оқимининг чап соҳилида, чўл зонасида, Хоразм воҳасининг ғарбий қисмида, ўртача 100м баландликда жойлашган пасттекисликдан иборат. Қорақум чўлига туташган ғарбий ва жанубий-ғарбий қисми қум билан қопланган. Фойдали қазилмалари оҳактош, қум, гил ва бошқа қурилиш материаллари бор. Иқлими кескин континентал. Қиши мўътадил совук, қор кам ёғади, оби-ҳаво ҳарорати январ ойида ўртача – 5°, энг паст ҳарорати – 32°. Ёзи иссиқ, қуруқ, июлнинг ўртача ҳарорати – 30°, энг юқори ҳарорати – 45°. Вегетация даври 200-210 кун. Йилига 78-79 мм ёғин тушади, асосан март-апрел ойларида ёғади. Шимолий ва шимолий-шарқий шамоллар эсади. Ягона дарёси – Амударё вилоят ҳудудида кенг водий бўйлаб оқади. Сувидан йирик каналлар ёрдамида экинларни суғоришда фойдаланилади. Вилоят жанубида майда шўр кўл, ботқоқлик ва шўрхок кўп. Тупроқлари дарё водийсида ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупроқлар, ғарбида қумликлар учрайди. Суғориладиган ерларда, асосан, бўз тупроқ бўлиб, кучли шўрланган. Амударё қайирларидаги тўқайзорларда терак, тол, жийда, юлғун, қандим, қумликларда саксовул ва бошқалар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан, асосан, кемирувчилар, судралиб юрувчилар, тўқайзорларда тўқай мушуги, чиябўри; қушлардан тўрғай, ўрдаклар, кулранг ғоз, оққуш, бирқозон, мўйловли читтак, балиқчи, деҳқончумчуқ, афғон чумчуғи, қизилиштон, зарғалдоқ ва бошқалар бор. Сув ҳавзаларида ондатра ва нутрия иқлимлаштирилган.

Хоразм ҳақидаги илк маълумотлар Авесто китобида, Доро I-нинг Биҳустун қоясидаги ёзувларида, юнон муаллифлари (Гекатей, Геродот, Страбон ва бошқалар) ҳамда илк Ўрта асрларнинг араб географлари асарларида учрайди. Хоразмнинг шимолий қисми (Оқчадарё дельтаси) да мил.ав. 4-3 минг йилликларда овчилик ва балиқ овлаш билан кун кечирган аҳоли, мил.ав. 2-минг йилликда эса чорвачилик ва деҳқончилик усулларидан хабардор бўлган қабилалар истиқомат қилган. Мл.ав. 2-минг йилликнинг 2-ярми ва мил.ав 1-минг йиллик бошларида суғорма деҳқончилик мукаммаллашиб. Яйлов чорвачилиги ривож топган. Бу даврда Тозабоғёп, Сувёрган ва Амиробод маданиятларини яратган қабилаларнинг қоришмаси асосида таркиб топган Кавунди (Кавонди) қабилалари яшаган.

Хоразмнинг жанубий қисмида жойлашган водий ва воҳаларда мил.ав.6-3 минг йилликлардаёқ ўтроқ суғорма деҳқончилик маданияти қарор топиб тараққий этган. Мил.ав.6-5 асрларда Хоразм Ахоманийлар давлатининг 16-чи сатраплик таркибига кирган. Мил.ав.5-чи аср охири – 4-чи аср бошларида эса, у алоҳида сатраплик ҳисобланган. Мил.ав. 4-чи асрнинг ярмида Хоразмда мустақил давлат қарор топади. Мил.ав. 3-чи асрларда Хоразм Сирдарё ҳавзасининг ўрта қисмида ташкил топган Қанғ давлатининг таркибида бўлган. Давлат пойтахти дастлаб Тупроқ-қалъада бўлган. Кейинчалик (305 й.) эса Кат шаҳрига кўчирилган. Беруний хоразмшоҳлардан 22 тасининг номини қайд қилади. Хоразм давлати Ўрта Осиёда ташкил топган ўзига хос энг қадимий давлатлардан бири. Бу ерлар бой тарихга эга бўлиб бошидан турли даврларни кечирган.

Хоразм вилояти иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги билан бирга саноат ҳам салмоқли ўринни эгаллайди. Пахта толаси, ип-калава. Гилам, озиқ-овқат маҳсулотлари, машина ускуналари экспорт қилинади. Пахта тозалаш саноати ривожланган (барча туман марказлари ва Урганч шаҳрида пахта тозалаш заводлари бор). Гурлан, Боғот, Хонқа, Урганч, Хива ва Хазораспда тўқимачилик, пиллакашлик, тикувчилик; Хивада гилам фабрикаси фаолият кўрсатиб турибди.

Қишлоқ хўжалигининг асосини пахтачилик ва ғаллачилик ташкил этади. Полизчилик, сабзовотчилик, боғдорчилик, чорвачилик, пиллачилик ҳам ривожланган. Экин майдонларига пахта, дон, картошка, сабзовот экилади. Хоразм вилояти мамлакатда шоли етиштириш бўйича 1-ўринда туради. Деҳқон-фермер хўжаликлари фаолият кўрсатади. Жамоа ва хусусий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади.

Вилоятда халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик, айниқса. Хива, Ҳазорасп, Хонқа шаҳарларида қадимдан тараққий этган. Ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, кандакорлик, гиламчилик, кулолчилик ва бошқалар ривожланган. Хива гиламчилик фабрикаси, “Хива сополи” акциядорлик жамияти ва бошқалар ишлаб турибди. 1997 йилда Хоразм Маъмун академияси қайта тикланди. Ўзбекистон Фанлар Академияси археология регионал бўлими, пахтачилик, Қорақум илмий-тажриба станциялари фаолият кўрсатади. Хива Давлат “Ичан қалъа” тарихий-меъморий музей-қўриқхонаси ва унинг филиаллари, 424 жамоат кутубхонаси, маданият саройлари, 10-га яқин маданият ва истироҳат боғи, Хоразмий, Беруний, Жалолиддин Мангуберди, Авесто ёдгорлик боғ-мажмуалари, миллий дорбозлар гуруҳи бор. Огаҳий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри, вилоят қўғирчоқ театри (Хива шаҳрида) ишлаю турибди.

Хоразм мусиқий ҳаёти Хоразм воғасида қадимдан яшаб келаётган халқларнинг турмуш тарзида муҳим ўрин эгаллаган. Хоразмий, Беруний, Абу Абдулло ибн Юсуф Хоразмий (10-аср) ва бошқа олимларнинг қомусий асарларида мусиқани ҳисоб илмининг таркибий бўлаги ва уни инсон руҳиятига таъсири таърифланган. Муҳаммад Хоразмшоҳ даврида (1200-1221 й.) машҳур созанда устод Маҳмуд, Юсуфбек Дуторий, 14-асрда Султон Вайис (Увайс), бахшилар пири Ошиқ Ойдинлар яшаганлар. Муҳаммад Раҳимхон (1806-1825 й.) даврида Ниёзжонхўжа ва унинг шогирдлари Маҳмуджон қози, Муҳаммаджон Сандиқчи, Абдусаттор маҳрам, унинг шогирди Худойберган косиб ва бошқалар Хоразм мусиқа маданиятини ривожланишига катта ҳисса қўшдилар. Комил Хоразмий, унинг ўғли Муҳаммад Расул Мирзо Хоразм мақомларини қоғозга туширган.

Муҳаммад Раҳимхон Соний (Феруз) хонлик даври (1864-1910 й.)-га келиб Хоразмда мусиқа санъати янада ривож топди. Сарой мақомчилари орасида Паҳлавон Ниёз Мирзабоши Комил, Муҳаммад Ёқуб Девон Харрот, Ёқуб фозачи, Қаландар дўнмас ва бошқалар, бахшилар ичида Ризо бахши, Эрназар бахши, Суяв бахши; шунингдек, Шомурод сурнайчи ва бошқалар бўлган.

Вилоятда 16 болалар мусиқа мактаби, мусиқа билим юрти, филармония, вилоят телерадиокомпанияси қошидаги мақомчилар ансамбли фаолият кўрсатади.

Хоразм адабиёти замонлар силсиласида емирилиб, йўқотилиб, қайта шаклланди. Абу Мансур Саолибийнинг “Йатимат ад-дахр фи махосин ахл-ал аср” (“Аср аҳлининг фозиллари ҳақида замонасининг дурдонаси”) тазкирасида 10-11 асрларда Хоразмда яшаб, араб тилида ижод етган Абу Бакр Хоразмий, Абу Саид Аҳмад ибн Шабиб аш-Шабибий, Абу-л-Аббос Маъмун ибн Маъмун, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тожир ал-Вазир, Абу Муҳаммад ибн Иброҳим ар-Раккаший, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳамид, Абул-Қосим Аҳмад ибн Абу Зирғом ва бошқалар ҳақида кенг маълумот берилган. 11-аср бошида Хоразмда илк бор ташкил этилган Хоразм Маъмун академияси Беруний раислигида Ибн Сино, Абу Наср Ироқ каби йирик фан ва маданият намояндалари ижод қилдилар. Аҳмад Яссавийнинг шогирди Сулаймон Боқирғоний (12-аср), Нажмиддин Қубро (12-аср, 13-аср бошлари), Ал-Хоразмий (14-аср), Насриддин Бурхониддин Рабғузий (13-аср охири – 14 аср бошлари), Паҳлавон Маҳмуд Пирёрвалий (1247-1326 йй.), Ҳайдар Хоразмий (15-аср) каби буюк сиймолар ижод этган.

Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида Хожа Абулвафойи Хоразмий ва Ҳусайн Хоразмийларни катта ҳурмат билан таърифлайди. Андалиб (1710-1770й.), Диловархўжа (18-аср), Умар Боқий (18-аср), Мунис, огаҳий, Комил Хоразмий (1825-1899й.), Баёний ва бошқа етук адабиёт намояндаларидир. “Авазхон”, “Бозиргон”, “Сайёдхон ва Ҳамро”, “Қоракўз Ойим”, “Гулруҳ пари”, “Шобаҳром”, “Завриё”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Юсуп Аҳмад”, “Қирқ минг” каби достонлар Хоразм халқ оғзаки ижодининг нодир бойлиги ҳисобланади. 19-асрда Хоразмда яшаб ижод қилган бахшилардан Эшвой бахши, Оташ, Нуржон бахши, Ғарибниёз бахшилар, Бобо бахши, Жуманазар бахши Бобо бахши ўғли, Бекжон бахши, Абдрим бахши, 20-аср бошларида Хўжаёз бахши ва бошқалар шуҳрат қозонган.

Хоразмдаги халқ оғзаки ижодининг яна бир тури халфачилик. 19-аср – 20-асрнинг иккинчи ярмида Хоразмда Хонимжон халфа. Онажон халфа. Онабиби қори (Ожиза), Шукуржон халфа, Шарифа халфа, Жони халфа, Бибижон халфа, Дурхоним халфа, Киш халфа, Гулжон қори, Ойша кулол халфа. Ёқут халфа Вафоева. Шарифа нўғай оташева, Ўғил Нўғай Қурёзова, Ёқут халфа Сейтниязова ва бошқаларнинг номлари халқ орасида танилган эди.

Хоразм (Хива)да Муҳаммад Раҳимхон Феруз ташаббуси билан 1874 йилда Туркистонда илк бор тошбосма очилган. Тошбосмада илк матбаачилик фаолиятини биринчи ўзбек матбачиси Абдалов Отажон бошлаган.  Шу даврда фаолият кўрсатган матбаачилик анъаналари 1991 йилда тикланди. “Хоразм” нашриёти ишга туширилиб, дарсликлар, китоблар нашр этиш йўлга қўйилди.

Вилоят ҳудуди орқали Тошкент-Москва. Душанбе-Москва темир йўли ўтган. Урганч-Тошкент йўналишида поездлар қатнайди. Темир йўл узунлиги 128 км. Амударё устига қурилган Ҳазорасп темир йўл кўприги ишга туширилди. Вилоятдаги қаттиқ қопламали автомобиль йўлларнинг узунлиги 2750 км. Хива-Урганч йўналишида троллейбус қатнови (1997 йилдан) йўлга қўйилган. Урганч. Хива шаҳарларидан Тошкент, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Нукус ва бошқа шаҳарларга автобуслар қатнайди. Урганч шаҳар халқаро ва маҳаллий йўналишлар аэропортидан хорижий давлатлар билан мунтазам авиация алоқаси ўрнатилган. Вилоят орқали Ўрта Осиё-Марказ, Бухоро-Урал, Туркманистон-Россия халқаро газ магистраль қувурлари ўтказилган.

Вилоятдаги тарихий ва меъморий ёдгорликлар жаҳонга машҳур. 149 меъморий ва шаҳарсозлик, 16 археологик, 21 монументал санъат ва ҳайкалтарошлик ёдгорлиги бор. Меъморий ёдгорликларнинг асосий қисми Хива шаҳрида жойлашган. Унинг Ичан калъа қисми эса ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси шаҳарлари ташкилоти ҳисобига киритилган. Хивадаги ёдгорликлардан Жума масжид (10-18 асрлар), Паҳлавон Маҳмуд меъморий мажмуаси (14-аср, 19-20 аср бошлари), Сайид Аловиддин (14-18-асрлар). Уч авлиё (1549, 1821) мақбаралари, Тошҳовли (19-аср), Кўҳна Арк (17-19 асрлар) саройлари, Муҳаммад Аминхон мадраса ва минораси ва бошқалар меҳмонлар ва сайёҳатчилар диққатини ўзига тортади.

Шунингдек, Хива, Ҳазорасп, Хонқа, Шовот, Янгиариқ, Қўшқўпир, Боғот ва бошқа туманларда ҳам тарихий обидалар мавжуд. Шулардан Хива туманидаги Чодра ҳовли (18-19 асрлар), Шоҳимардон меъморий мажмуаси (19-аср). Қубла Тозабоғ саройи (1893-1913й.), Ҳазораспдаги Музробшоҳ (16-18 асрлар), Шайх Қосим эшон мақбаралари (18-19 асрлар), қадимий Ҳазорасп қалъаси (мил.ав. 8-7 асрлар). Хонқа туманидаги Саид ота масжиди (1766й.), Шовот туманидаги Ваянгон бобо мақбараси (16-19 асрлар); Янгиариқ туманидаги Шайх Мухтор Валий (Остонабобо, 14-аср) меъморий мажмуаси; Қўшқўпир туманидаги Иморат бобо меъморий мажмуаси (16-19 асрлар) ва бошқаларни айтиш мумкин.

Хива шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи (1997й.), Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги (1999й), Авесто китоби яратилишининг 2700 йиллиги (2001й.) байрамлари арафасида вилоятда кенг миқёсда меъморий ёдгорликларни тамирлаш, улар атрофларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Хоразм вилояти 2003 йил 22 августда Жалолиддин Мангуберди ордени билан мукофотланган.

Урганч
(1929 йилгача Янги Урганч) – Хоразм вилоятидаги шаҳар. Вилоятнинг маъмурий. Иқтисодий ва маданий маркази. Амударёнинг қуйи оқими чап соғилида. Шовот канали шаҳар ўртасидан ўтиб, Урганчни шимолий ва жанубий қисмларга ажратган. Шимолий қисмида асосан турар жой бинолари, илмий ва маданий маориф муассасалари, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, жанубий қисмида эса ишлаб-чиқариш корхоналари жойлашган. Ҳар иккала соҳил бир-бири билан кўприклар орқали боғланган. Аҳолиси 136,3 минг киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, рус, татар, украин, корейс, қозоқ, туркман ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди (2005 й).

Шаҳарга 1646 йилда Хива хони Абулғози Баҳодирхон томонидан асос солинган. Амударё ўз йўналишини ўзгартириб Орол денгизи томон оқа бошлаганидан сўнг Гурганж шаҳри (Туркманистондаги Кўҳна Урганч) сувсиз қолган. Абулғози Баҳодирхон Гурганж, Вазир қалъа (шаҳар)ларида ва улар атрофларида тарқоқ холда яшаган аҳолини кўчириб Амударёнинг жанубий қисмларида (Гурганждан 170 км узоқликда) жойлаштирган ва аҳоли ўрнашган ҳудудни атрофини қалъа девори билан мустаҳкамлаб унга “Тоза Урганч”, яъни “Янги Урганч” деб ном берган. Шундан кейин қадимий Гурганж шаҳрининг номи Кўҳна Урганч бўлиб қолди.

Янги Урганч (ҳозирги Урганч) шаҳри Буюк ипак йўлида жойлашганлиги туфайли тез суръатлар билан ривожланган савдо ва ҳунармандчилик марказига айланган. Маҳаллий тарихчи олимларнинг маълумотлари  бўйича, Янги Урганч 17-18 асрларда баландлиги 4-5 метрлик қўрғон билан ўралган шаҳарча бўлган. Шаҳарчада тахминан 5 минг киши яшаган; кўплаб майда дўконлар, устахоналар ишлаб турган.

Мустақиллик йилларида шаҳарда қурилиш ишлари авж олди. Унинг шимолий-ғарбий қисмида “Наврўз”, “Тараққиёт”, “Университет” шаҳарчалари пайдо бўлди. Урганч – Хива оралиғида 30 км троллейбус қатнови (1997й.) йўлга қўйилди, темир йўл вокзали ва Урганч аэропорти қайта таъмирланиб (1997й.) халқаро мақомига эга бўлди.

Урганчда пахта тозалаш, экскаватор, ўт ўриш машиналари и.ч., “Урганч-ёғ” заводлари, пилакашлик, тикувчилик, пойабзал фабрикалари, Ўзбекистон-Туркия “Нуртоп” қўшма корхонаси ва бошқалар фаолият кўрсатади. Университет, Тошкент Тиббиёт академиясининг филиали, 36 умум таълим, 3 мусиқа, 2 касб-ҳунар мактаблари, 8 касб-ҳунар коллежи мавжуд. Вилоят мусиқа драма ва комедия театри, картиналар галереяси, 27 кутубхона, маданият ва истироҳат боғи. “Олимпия” спорт мажмуаси, стадионлар, спорт заллари, теннис кортлари бор. 1992-2003 йилларда “Буюк аллломалар хиёбони”. “Ал-Хоразмий”, “Ал-Беруний”, “Амир Темур”. “Мирзо Улугбек”, “Абулғози Баҳодирҳон”, “Огаҳий”, “Комилжон Отаниёзов”, “Аваз Ўтар ўғли”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Авесто” ёдгорлик мажмуалари бунёд этилган.

Меъморий ёдгорликлардан Дошқинжон бобо меъморий мажмуаси (1827й,), Салимжоновлар уйи (1902), почта биноси (1915й.), Бобооҳун Салимов уйи (20-аср боши) ва бошқалар сақланган.

Боғот тумани. Вилоятнинг жанубий қисмида жойлашган. 1926 йилда ташкил этилган (1930 ва 1950 йилларда бир неча марта ёндош туманларга кўшиб юборилган ва қайта тикланган, 1970 йил 7 декабрда қайта ташкил этилди). Майдони 0,44 минг км2. Аҳолиси 121,7 минг киши, зичлиги 1 км2 га 276,6 киши (2005й.). Туманда 11 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази Боғот қишлоғи.

Туман ер юзаси пасттекислик бўлиб, саёз ботиқ ва қолдиқ ўзанлар учрайди. Туманнинг жанубида қум шакллари тарқалган. Туман ҳудудидан Амударё оқиб ўтади. Асосий суғориш шохобчалари Тошсоқа канали ва унинг тармоқлари – Байрамсоқа, Қизилработ, Қораянтоқ ва Осёп ариқларидир. Туманда 50-дан зиёд кўл (Ота-кўл. Шўркўл, Кўккўл, Гажли, тўқайкўл ва бошқалар) бор.

Саноат корхоналари қиўлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган. 10 қурилиш ташкилоти, 6 саноат корхонаси бор. Шу жумладан, пахта тозалаш заводи, тўқимачилик, ткувчилик фабрикалари, нон маҳсулотлари комбинати ва бошқалар ишлаб турибди. МТП, қурилиш ташкилотлари. Деҳқон бозори, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларга пахта, ғалла (шу жумладан, шоли), полиз-сабзовот, маккажўхори, беда экилади. Кунжут ва қанд лавлаги экиш ҳам йўлга кўйилган. 80 дан зиёд деҳқон ва фермер хўжаликлари бор. Туман жамоа ва хусусий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади.

Туман ҳудудида Тошкент-Урганч т/й ва автомобиль йўллари ўтган. Боғот туман марказидан Урганч, Ҳазорасп, Ҳива шаҳарларига автобус ва маршрутли таксилар қатнайди.

Гурлан тумани. Вилоятнинг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган. 1926 йил 29 сентябрла ташкил этилган. Майдони 0,45 минг км2 . Аҳолиси 115,8 минг киши, ўртача зичлиги 1 км2 га 257,3 киши (2005й). Туманда 1 шаҳарча (Гурлан), 11 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази –Гурлан шаҳарчаси.

Рельефи бироз паст-баланд текисликдан иборат бўлиб, шимолий-ғарбга қияроқ. Туманнинг шимоли ва шимолий-шарқидан Амударё ўтади. Туман экинзорлари Қиличбойарна, Қиётқўнғирот, Дарёлиқ, Осёп, Тўқсонарна, Нукусёп, Хизирлиёп, Янгиёп, Олғаёп, Савойёп каби канал ва ариқлардан суғорилади.

Пахта тозалаш заводи, халқ истеъмоли моллари ва пойабзал фабрикалари, маҳаллий саноат корхонаси. “Гурлан” тўқимачилик мажмуаси мавжуд. Туркиянинг “Язекс” корхонаси билан калава ип, газлама, трикотаж газлама ва тайёр трикотаж кийимлар ишлаб чиқармоқда. Туманда 350 хусусий ва кичик корхоналар ва 9 акциядорлик жамиятлаи бор. Қишлоқ хўжалигида суғориладиган ерларга пахта, ғалла (шу жумладан, шоли), сабзавот-полиз, маккажўхори ва бошқа экинлар экилади. 150 га яқин деҳқон-фермер хўжалиги бор. Туман жамоа ва хусусий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади.

Хива тумани. Вилоятнинг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган. 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. Майдони 0,47 минг км2 . Аҳолиси 177,9 минг киши, ўртача зичлиги 1 кмга 378,5 киши (2005й). Туманда 1 шаҳар (Хива), 9 қишлоқ фуқаролар йиғини бор. Маркази – Хива шаҳри.

Туман ҳудуди Амударё қуйи оқимининг чап соҳилидаги текисликда жойлашган. Ҳудудида Шўркўл, Қоракўл, Равоткўл, Қовуккўл ва бошқа кўллар бор. Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда Полвоёп, Ғазовот, Ангариқ, Серчали, Пишканик ва бошқа канал ва ариқлар сувларидан фойдаланилади. Қурилиш материалларидан кум, гил (лой) бор.

Туманда пахта тозалаш, сопол буюмлари, сут, ғишт. Автомобиль таъмирлаш заводлари, газ-компрессор станцияси, МТП, 2 автокорхона. “Хива гилами”, нон комбинати, гилам тўқиш, тикувчилик, паррандачилик фабрикалари, қурилиш ташкилотлари ва бошқалар мавжуд.

Туманда ва, айниқса. Хива шаҳрида ёғоч ўймакорлиги, мис ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гиламчилик, ганчкорлик, наққошлик, шунингдек, темирчилик, дурадгорлик, этикдўзлик, тикувчилик ва бошқа ҳунармандчилик соҳалари қадимдан ривожланган.

Туман қишлоқ хўжалиги, асосан, пахтачиликка ихтисослаштирилган. Қаллачилик, мевачилик, пиллачилик ҳам ривожланган. Экин майдонларига пахта, дон, картошка, сабзовот, полиз, озуқа экинлари экилади. Боғ, токзор, тутзор ва ўрмонзорлар бор. Деҳқон-фермер хўжаликлари, 3 фермер хўжалик уюшмаси ва бошқалар мавжуд. Туман жамоа ва хусусий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади.

Хива шаҳрида Хоразм Маъмун академияси, Қорақум илмий-тажриба станцияси, Хива тарихий-меъморий Ичан-қалъа музей-қўриқхонаси, “Хива” туристик мажмуаси, маданият ва истироҳат боғи, вилоят қўғирчоқ театри, халқ театри, шаҳар ва туман марказий кутубхоналари ва уларнинг филиаллари, 31 клуб, “Достон” ва бошқа фольклор-этнографик дасталар бор. Марказий стадион, спорт мажмуаси, футбол, кўл тўпи майдонлари, спорт заллари, 4 теннис корти ва бошқа спорт иншоатлари мавжуд.

Хива-Тошкент. Хива-Урганч, Хива-Қўшқўпир, Хива-Янгиариқ, Хива-Боғот, Хива-Ҳазорасп ва бошқа йўналишларда автобус ва маршрутли таксилар қатнайди. Хива-Урганч йўналишида троллейбус қатнови йўлга қўйилган.

Меъморий ёдгорликлардан Шиҳимардон, Шайх Мавлон бобо, Отажон тўра меъморий мажмуалари, Чодра ҳовли меъморий обидаси, Иброҳимхўжа мадрасаси, Кубла Тозабоғ саройи ва бошқалар сақланиб қолган.

Хонқа тумани. Вилоятнинг шимолий қисмида жойлашган. 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилагн (1962 йил 24 декабрда Янгиариқ туманига қўшилган. 1973 йил 26 декабрда қайта тузилган). Майдони 0.43 минг км2 . Аҳолиси 139,8 минг киши, ўртача зичлиги 1 км2 га 325,1 киши (2005 й). Туманда 1 шаҳарча (Хонқа), 10 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази – Хонқа шаҳарчаси.

Ҳудуди Амударёнинг чап соҳилидаги пасттекисликда, Амударёнинг қадимий дельтасида жойлашган. Туманнинг шимолий-шарқий чегарасидан Амударё, ҳудудидан Шовот, Полвонёп, Қулобод, Хонқаарна, Урганчарна, Олажа ва бошқа магистрал канал ва ариқлар оқиб ўтади.

Туманда пахта тозалаш, ғишт заводлари. “Хонқагуруч”, дон маҳсулотлари комбинати, МТП, қурилиш ташкилотлари, автокорхона ва бошқалар ишлаб турибди. Ўзбекистон-Италия “Мева” консервалаш кўшма корхонаси, кичик корхона ва микрофирмалар фаолият кўрсатади. Хонқа қадимдан кулолчилик буюмлари билан машҳур.

Пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, ипакчилик, сабзовотчилик, полизчилик, боғдорчилик ривожланган. 400 дан зиёд фермер, ижара хўжаликлари мавжуд. Экин майдонларига пахта, дон, картошка, сабзовот, полиз, ем-хашак экинлари экилади. Туманинг Навхос қишлоғида Ўзбекистон Фанлар Академиясига қарашли пахтачилик тажриба даласи мавжуд. Жамоа ва хусусий хўжаликларда қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади.

Туман марказий кутубхонаси ва унинг тармоқлари, 13 маданият уйи, “Жайхун” қўғирчоқ театри, “Дилором”, “Саропоён гуллари” ашула ва рақс дасталари, ўлкашунослик музейи фаолият кўрсатади. Маданият ва истироҳат боғи, Алишер Навоий хотирасига бағишланган адабиёт боғ-музейи бор. Стадион, спорт заллари, футбол майдонлари ва бошқа спорт иншоотлари мавжуд.

Туман ҳудудидан Урганч-Тошкент автомобиль тракти, Тошкент-Урганч-Волгоград-Москва халқаро темир йўли ўтган. Хонқадан Урганч, Боғот. Ҳазорасп, Тўрткўл ва бошқа шаҳар ва шаҳарчаларга автобус ва маршрут таксилари қатнайди.

Меъморий ёдгорликлардан Саид ота масжиди (1766 й.; 1912, 1989 йилларда таъмирланган), Гавдонбой уйи (1910-1914; 1994  йилларда таъмирланган) сақланган.

Шовот тумани. Вилоятнинг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган. 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. Майдони 0,46 минг км2 . Аҳолиси 127,9 минг киши, ўртача зичлиги 1км2 га  278,0 киши. Туманда 1 шаҳарча (Шовот), 11 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази – Шовот шаҳарчаси.

Рельефи, асосан, Шовот каналининг соҳилида жойлашган текисликдан иборат. Иклими кескин континентал. Ёзи қуруқ иссиқ, қиши совуқ.. Шовот, Давдон, Ёрмиш, Удачи, Бегёп каналлари оқиб ўтади.

Пахта тозалаш, подшипник заводлари, ун комбинати, чарм маҳсулотлари фабрикаси, МТП, қурилиш ташкилотлари, автокорхона ишлаб турибди. Кичик ва хусусий корхоналар, микрофирмалар фаолият кўрсатади. “Семурғ”, Ўзбекистон-Германия “Шовоттекс” кўшма корхоналари мавжуд.

Туман қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи-пахтачилик. Экин майдонларига пахта, дон, картошка, сабзавот, озуқа, полиз экинлари экилади. Туман жамоа ва хусусий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади.

45 жамоат кутубхонаси, 16 маданият уйи, маданият ва истироҳат боғи, Зариф Раматов номидаги музей, “Мотамсаро она” ёдгорлиги бор.

Шовот-Тошкент йўналишида поезд қатнайди. Туман автомобиль ва т/й орқали Қорақалпоғистон, Туркманистон ва Россия билан боғланган. Шовот-Урганч йўналишида автобус ва маршрутли таксилар қатнови йўлга қўйилган.

Туманда Воянганбобо (1-4, 9-14 асрлар), Катқалъа (мил.ав.1-аср), Тўпроқ-қалъа (мил.ав.1-аср) археология ёдгорликлари; Воянганбобо мақбараси (15-аср), Юсуф Ҳамадонийнинг рамзий мақбараси бор.

Янгиариқ тумани. Вилоятнинг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган. 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. Майдони 0,40 минг км2. Аҳолиси 84,6 минг киши, асосан ўзбеклар, шунингдек, туркман. Татар, корейс, рус ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 211,5 киши (2005й). Туманда 9 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази-Янгиариқ қишлоғи.

Рельефи, асосан, пасттекисликдан иборат. Катта майдон қум барханлари билан банд. Иқлими кескин континентал. Хўжаликлари Остона, Оқмачит, Қуруқтом, Таган, Каттабоғ ва Амударёдан чиққан магистрал каналларидан сув олади. Улуғшуркўл, Обулкўл, Тангали, Баёткўл, Кичиккўл ва бошқа кўллар мавжуд.

Пахта тозалаш, ғишт, мева консервалаш заводлари, таъмирлаш устахонаси, Ўрта Осиё-Марказ газ қувурининг 3-компрессор станцияси, Хоразм балиқ комбинати, балиқ дудлаш цехлари, қурилиш ташкилотлари, МТП, автокорхона. 100 га яқин кичик, ўрта бизнес ва йирик корхоналар, деҳқон бозори, 1100 дан зиёд микрофирма бор. Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси (толадан ип ишлаб чиқаради) ишлаб турибди. Шиша ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Туман қишлоқ хўжалиги, асосан, пахтачилик ва ғаллачиликка иҳтисослашган, шунингдек, чорвачилик, балиқчилик, пиллачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик ҳам ривожланган. Қишлоқ хўжалиги соҳасида 2 акциядорлик жамияти, 17 қишлоқ хўжалиги корхонаси, 6 хусусий ферма, ижара хўжалиги фаолият кўрсатади. Экин майдонларига пахта, дон, картошка, сабзавот, экинлари экилади. Тумандаги жамоа ва хусусий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади.

Туман ҳудудида Шайх Мухтор Валий меъморий мажмуаси (14-аср) сақланган.

Янгибозор тумани. Вилоятнинг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган. 1950 йилда ташкил этилган (кейинроқ унинг бир қисми Урганч ва Гурлан туманларига қўшиб юборилган, туман янгидан 1989 йилда ташкил этилди). Майдони 0,34 минг км2. Аҳолиси 65,4 минг, асосан, ўзбеклар, шунингдек. Қозоқ, туркман, рус, татар, корейс ва бошқа миллат вакиллиари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 192,4 киши (2005 й). Туманда бир шаҳарча (Янгибозор), 8 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази – Янгибозор шаҳарчаси.
Рельефи паст-баланд текисликдан иборат. Туманнинг шимоли ва шимолий-шарқидан Амударё оқиб ўтади. Экин майдонлари Қиличбойарна, Манғитарна, Қўнғиротёп, Нукусёп, Янгиёп, Ҳизирёп, Олғаёп, Шабика ва бошқа канал ва ариқлардан суғорилади.

Туманда пахта тозалаш, ғишт заводлари, маҳаллий саноат корхоналари, кичик корхона ва микрофирмалар фаолият кўрсатади. Япония, Россия, Венгрия, Белоруссия билан ҳамкорликда кўшма корхоналар ташкил этилган.

Қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи пахтачилик ва ғаллачилик, шу жумладан. Шоличилик, чорвачилик, пиллачилик, сабзавотчилик, полизчилик, боғдорчилик ҳам ривожланган. Экин майдонларига пахта, дон, картошка, сабзавот экилади. Амударё бўйида тўқай ва ўрмонзорлар бор. Деҳқон, фермер хўжаликлари фаолият кўрсатади. Туман жамоа ва хусусий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади.

Қўшқўпир тумани. Вилоятнинг ғарбий қисмида жойлашган. 1936 йил 17 апрелда ташкил этилган (1962 йил 14 декабрда Хива туманига қўшиб юборилган. 1966 йил 9 январда қайта ташкил этилган). Майдони 0,54 минг км2. Аҳолиси 128,9 минг киши, асосан ўзбеклар, шунингдек, туркман, эроний, рус, татар, корейс ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 238,7 киши (2005 й). Туманда 1 шаҳарча (Қўшқўпир), 12 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази – Қўшқўпир шаҳарчаси.

Ҳудуди, асосан, текислик. Иклими кескин континентал. Туман ҳудудини кесиб ўтган Катта Кўл, Давдон, Довудкўл магистрал коллекторларидан экин майдонлари суғорилади.

Пахта тозалаш, силикат ғишт заводлари, МТП, автокорхоналар, қурилиш ташкилотлари, тикувчилик ва гиламчилик цехлари ишлаб турибди. 54 кичик корхона, 1849 микрофирма фаолият кўрсатади. “Қўшқўпир пилла”, “Қўшқўпир парранда” маъсулияти чекланган жамиятлари, “Қўшқўпир асаларичилик” корхонаси бор.

Қишлоқ хўжалиги асосан, пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган. Деҳқончилик, чорвачилик, пиллачилик, боғдорчилик ҳам ривожланган. Фермер хўжаликлари (шу жумладан, 3 та балиқчилик билан шуғулланувчи) мавжуд. Экин майдонларига пахта, ғалла,  сабзавот, полиз, озуқа экинлари экилади. 600 га ерда мевазор, токзорлар, шунингдек. Тутзорлар бор. Жамоа ва хусусий хўжаликларда қорамол, қўй ва эчки, парранда, йилки боқилади. Асаларичилик ва пиллачилик билан ҳам шуғулланилади.

Қўшқўпир шаҳарчасидан Хива, Урганч ва бошқа шаҳарларга автобус ва маршрутли таксилар қатнови йўлга қўйилган. Меъморий ёдгорликлардан Иморат бобо меъморий мажмуаси (14-18 асрлар) сақланган.

Ҳазорасп тумани. Вилоятнинг жанубий-шарқий қисмида жойлашган. 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. Майдони 2,06 минг км2. Аҳолиси 190,9 минг киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, татар, қозоқ, корейс, рус, туркман ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 92,7 киши (2005 й). Туманда бир шаҳар (Питнак), 1 шаҳарча (Ҳазорасп), 11 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази – Ҳазорасп шаҳарчаси.

Туман ҳудуди Хоразм воҳасининг жанубий-шарқи ва Қизилкум чўлида жойлашган пасттекислик. Ғарбидаги шимолий чеккаси ва шарқий қисмининг жануби Амударё терассаларидан иборат. Жанубий чегараси Қоракум чўлига туташ. Кум тепалари, қирлар, қолдиқ кўллар (Ҳажжаликўл, Шўркўл, Кепак, Узункўл, Курванак ва бошқалар) бор. Иклими кескин континентал. Шимоли ва жанубидан Амударё оқиб ўтади. Экинзорлари Амударёдан сув оладиган Тошсоқа, Ҳазорасп каналлари, Питнакарна, Янгиёп, Ҳассаёп. Овшарёп, Муҳомонёп ва бошқа ариқлардан суғорилади. Туманда Ўзбекистонда энг йирик Туямўйин сув омбори қурилган. Амударё бўйида Қизилқум давлат қўриқхонаси ташкил этилган.

Пахта тозалаш, ғишт заводлари. МТП, автокорхонал, қурилиш ташкилотлари, таъмирлаш устахоналари, маҳаллий саноат корхоналари, тўқимачилик, палос фабрикалари, умуман 1200 дан зиёд корхона бор. Ҳазораспдаги “Қозоқ бозорига” вилоятнинг барча жойларидан ва қўшни вилоятлардан, одамлар савдо-ҳарид ишлари билан келиб-кетишади. Қўшма корхоналар фаолият кўрсатади. Туман ҳудудида Амударё устидан халқаро аҳамиятдаги кўприк қурилган.

Пахтачилик, ғаллачилик (шу жумладан, шоличилик) ривожланган. Чорвачилик, пиллачилик, боғдорчилик, полизчилик ҳам муҳим ўрин тутади. Деҳқон, фермер хўжаликлари фаолият кўрсатади. Экин майдонларига пахта, дон, картошка, сабзовот, озуқа экинлари экилади. Жамоа ва хусусий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади.

Туман ҳудудидан Урганч-тошкент темир йўли ва автомагистрал ўтади. Ҳазорасп шаҳарчасидан Урганч шаҳри ва Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туманларига ҳамда Қорақолпоғистон Республиқасининг Тўрткўл, Беруний шаҳарларига автобус ва маршрутли таксилар қатнайди. Тарихий ва меъморий ёдгорликлардан Ҳазорасп қалъаси (мил.ав.8-7 асрлар), Жума масжиди (18-аср) сақланган.

Оставить комментарий

Вы можете использовать эти теги : <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>