“Куланг от” фожиаси.

28 08 2009

(Ўрозбой ота хотира дафтаридан парчалар)

Мен Ўрозбой Ўроқбой ўғли йўлбарс йилида (1926) Гурлан уездининг Қозоқ овулида Қўнғиротдан кўчиб келган мусофир оиласида туғилганман. Отам 1910-1918 йилларда Қўнғирот ҳокими Худайберганбойнинг ўғли бўлган. Ёши тўқсондан ошиб вафот этган Нургалий оғамизнинг сўзларига қараганда, 1648-1763 йилларда Оқтўба (Актюбинск) атрофларида Қайир Хўжа деган катта бой яшаб ўтган экан. Бизнинг илк томир бобомиз Хасан Қорақўйли 12 ёшида ота-онадан етим қолиб Қайир Хўжа молларини боқади. Боланинг чаққон, абжир, ақлли ва чавандозлигини қўрган Қайир Хўжа уни ўзига ўғил қилиб олади, вояга етганидан кейин унга Қорақиз исмли сулув қизини никоҳлаб беради. Йиллар ўтиб Қорақиз билан Ҳасанқорадан Қўнғир, Сағир, Жўлий, Иккибош, Лабак каби фарзандлар туғилади. Қайир Хўжа барча мол-мулкини куёви Хасан қора ва Қорақизга энши (ота мерос) қилиб топширади. Шу тариқа бобомиз Хасан қорақўйли минглаб йилқи, от-туя ва ўн мингдан зиёд қўйга эга катта бой бўлган. Шу тариқа давлат-бойлик Лабак бобомизга, кейин Сотиболди бобомизга, ундан Бароқ ботирга, Бароқдан Довут бобомиз қўлига, Довутдан Эрназар ўғлига ундан Пирназарга, Пирназардан Худайберган отамизга мерос бўлиб ўтиб келаверган.

Ота-боболаримиз икки-уч, ҳатто тўрт марта ҳам уйланиб ҳар  бир хотинидан 5-6 бола туғилаверган. Баъзи қозоқ бойларнинг 25-30 фарзанди бўлганини ҳам эшитганмиз. Ўнта бўлса ўрни бўлак деганларидек шундан энг ақлли доноси элга бош, катхудо ёки минг кўйли бой бўлиши мумкин. Бошқалари унинг хизматини қилиб юрадилар.

Ҳасанқорақўйли бобомиздан бошланган давлатмандлик Худойберган бобомизга келиб инқирозга учради. Нургалий оғамиз бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди: “Қадимги кўчманчи халқлар от, туялар ёрдамида яйловдан яйловга, элдан элга  кўчиб юришга одатланганлар. Қозоқ ботирлари, катхудо оқсоқоллари ҳамма вақт от билан туяда юриб эл-улусга раҳбарлик, уруш-жанг этганлар. Шунинг учун ҳам достон ва афсоналарда Ғират от, Учкур от, Саман от, Қанотли от каби жониворлар йигитларнинг чин дўсти деб куйланади. Ровийлар Хазорасп қалъаси номини минг отлиқлар, Қўнғирот шаҳри номини эса қўнғир отлилар қалъаси деб атаган бўлса керак деб ривоят қиладилар.

Энди Худойберган бойнинг “Куланг” лақабли учқур оти хикоясига келсак қуйидагилар эсимда муҳрланиб қолди: Худойберган бойнинг от, туя ва қўйлари Қўнғирот яйловларига сиғмай кўпайиб кетади. Бир куни катхудо мулла-эшонлар унга: “Худойберган бой эрта-индин Наврўз байрами бўлади, қўлингизни каттароқ очиб бир садақа берсангиз”, дейдилар. Шунда у – Жоним билан, ҳохласангиз 40 қўй 10 туя сўяман, ҳохласангиз тойчоқ отларни сўйиб элга ҳайр-садақа қиламан, мендан нима кетди, юрт байрам этсин,  – дейди.

Унинг қўли очиқ, саҳийлигини билган қози калон: “Худойберган, биз қариялар бир тишлам бўлса ҳам ўзингиз миниб юрган “Кулранг” отингизнинг этидан тайёрланган қази , бешбармоқ тановвул этсак, – деб унга тавалло қиладилар.

Худайберган отамиз қози қалонларнинг қора ниятини дарҳол англаб етмаган экан. Ўзини ҳам юртга дастурхон ёзиш, катхудо тўраоға, йўлбошчи ҳоким бўлиш орзу истагида юрган экан. У ўйланиб: Асфандиёр Хива тахтига чиқиб хон сайланибди, ҳар  не бўлса-да куёвимиз. Онаси қозоқ қизи, элдошимиз – қариндошимиз. Куёв деганини пайғамбарлар сийлаб ўғлим деган эканлар. Балки мени Хивага чақиртириб саройга ишга олар. Боболаримиз Эрназар, Пирназар, Бароқ ботирларнинг набираси оддий фуқаро эмас балки юртга сардор, катхудо, ҳоким бўлишга лойиқ, –  деб ўзи миниб юрадиган Куланг отнинг сўйилишига розилик беради.

Нурғали оғамизнинг гувоҳлик беришича Куланг отни сўйишга олиб келганларида у осмонга сакраб кишнабди, кўзларидан ёш оқибди. Шунга қарамасдан отнинг оёқларини, кўзини боғлаб кўксига ханжар санчганларида жонивор бир кишнаб йиқилибди ва кўксидан қон ўрнига оппоқ сут оқа бошлабди. Буни кўрган халойиқ хайратдан ёқа ушлаб ох-вох қилишибди …

– Э..Воҳ, жонивор хосиятли-(ҳикматли) от экан, ушбу жой зиёратгох бўлсин деб Қўнғирот қалъаси яқинидаги жойга кафанлаб кўмадилар. Халқ ўша жойга “Куланг от” зиёратгоҳи деб ном берибди. XX-асрнинг 50-йилларида шаҳар ижроқўми раиси Сиддиқ Ермигамбетов “Куланг от зиёратгоҳини” трактор билан текислатиб ташлаган экан.

Бобомиз Худайберган халқ сийлаган обрўли бўлгани учун 1910-1917 йилларда Қўнғирот хокими (волост бошлиғи) вазифасида ишлаган. У ҳоким бўлиб ишлаган йилларда Қўнғирот Хоразмнинг энг бой, фаровон, от-йилқи, туя, қўй-эчки, қорамол подаси кўп, одамлари тўк беклиги бўлган. Дашти Қипчоқда очлик ва қаҳатчиликдан, уруш ва тўполонлардан қочиб келган қозоқлар Қўнғиротда қўним топганлар.

Хива хонлигини босиб олиш ниятида юрган Жунаидхон  Қўнғиротга ҳужум қилади ва от тобун, мол подаларини ҳайдаб кетмоқчи бўлганида бобом ёғилар томонидан ўлдирилади. Ўйлаб қарасам Кулранг от бизнинг бахти-иқболимизни, обру-эътиборимизни, мол-давлатимизни ҳам ўзи билан бирга олиб кетган экан, дейди Ўрозбой ота, оппоқ соқолларини силаб.

Муаллиф изоҳи: Ўрозбой-отанинг сўзларини 1910-1920 – 1925 йилларда Хоразм воҳаси, хусусан Амударёнинг қуйи чап қирғоқларида юз берган ижтимоий-сиёсий воқеалар тарихи тўла-тўкис тасдиқлайди. Чунончи Хиванинг янги хонига Худойберган каби забардаст дастёрлар керак эди. Муҳаммад Раҳимхон II даврида Қўнғиротда солиқ маҳкамасини бошқариб келаётган Худойберганбой Асфандиёрга 2 минг чопқир-зотдор от етқазиб беришга ваъда қилган. Бундан хабар топган Муҳаммад Сардор-Жунаидхон унинг жонига қасд қилган. Бу ҳақда ёш тарихчи олим А.С.Сапаев “История создания и развития Казахско-Каракалпакской автономной области в составе Хорезмской республики 1920-1925 гг” деган диссертация қўлёзмасида ёзиб ўтган. (Қўлёзма, Нукус 1999 йил, 40-50 бетлар).